• Yangiliklar
  • Юртимизда крикет турнири илиқ қарши олинди

Юртимизда крикет турнири илиқ қарши олинди

2144

Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари мамлакатимиз спортида эътиборли воқеликлар рўй бергани билан ёдимизда қолмоқда. Кун давомида юртимизда поло бўйича дастлабки мусобақа ўтгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, ҳафта якунида мамлакатимизга янги кириб келган спорт турларидан бири крикет бўйича ҳам илк турнир ўтказилди.

Юртимизда крикет федерациясининг ташкил топганига кўп вақт бўлмади. Қисқа фурсат ичида 2 нафар мураббийимиз Ҳиндистондаги крикет академиясида таҳсил олиб қайтишди ва ҳозир юртимиз ёшлари билан билимларини улашмоқдалар. Ҳозирги кунда мамлакатимизда “Барлос” ва “Афросиёб” крикет жамоалари фаолияти бошланган. Кеча ушбу жамоалар “ANFA TASHKENT T20” мусобақаси доирасида куч синашишди.

Беллашувни Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон крикет федерацияси мутасаддилари ҳам кузатиб боришди. Айтиш мумкинки, ушбу крикет мусобақаси йиғилган мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Дастлабки ўйинда “Барлос” жамоасининг қўли баланд келди.

Маълумот учун, Ўзбекистон крикет федерацияси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крикет спорт турини ривожлантириш ва оммалаштириш, халқаро талаб ва стандартлар асосида крикет бўйича спортчилар, мураббий ва ҳакамларни тайёрлаш ҳамда крикет спорти бўйича мусобақалар ўтказиш фаолиятини амалга ошириб келаётган, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тан олинган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади. Ўзбекистон крикет федерацияси 2019 йил 29 ноябрда ташкил этилиб, Адлия вазирлигидан 910-сонли Гувохнома билан рўйхатдан ўтган.